Июль ойи ўрталарида Ўзбекистон аҳолиси аномал иссиқ об-ҳавони бошдан кечирди, деб хабар бермоқда Ўзгидромет. Ҳаво ҳарорати кун сайин аста-секин кўтарилиб борди ва иссиқликнинг энг юқори чўққиси аксарият ҳудудларда 18−19 июль кунларига, шимоли-ғарбий вилоятларда эса 16−18 июль кунларига тўғри келди.

Ушбу кунларда ҳаво ҳарорати +43…+45 даражагача, жанубда ва чўл зоналарида эса +46…+49 даражагача кўтарилди.

Синоптикларнинг қайд этишича, ҳаво ҳарорати Ўзбекистондаги бутун метеорологик кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткичларга яқинлашди. Бир қатор ҳудудларда максимал ҳарорат рекордлари янгиланди.

иссиқлик, жазирама

Тошкентда энг юқори ҳаво ҳарорати — +44,3 даража — 19 июль куни қайд этилди. Бу пойтахтда 1997 йилнинг 18 июлида кузатилган мутлақ рекорд кўрсаткичдан бор-йўғи 0,3 даражага пастроқдир.

 

Фарғона водийсининг вилоят марказларида эса максимал ҳарорат рекордлари 2−3 марталаб янгиланди.

Ўзгидрометнинг тушунтиришича, бундай кескин иссиқлик термик депрессия таъсирида шаклланган. Бу жараёнда Эрон ҳудуди устида юқори тропосферада кучли баланд босим тизмаси ҳосил бўлади ва унинг таркибида ниҳоятда иссиқ ҳаво массаси айланиб туради.

Мазкур баланд босим тизмаси шимоли-шарқ томон силжиши билан иссиқ ҳаво худди гумбаз сингари Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудини босқичма-босқич қоплайди. Натижада булутлилик кескин камаяди, қуёш радиацияси кучаяди ва ер юзасининг қизиши ҳисобига ҳаво ҳарорати фавқулодда юқори қийматларга етади.

https://www.gazeta.uz/uz/2026/07/20/heatwave/